Умра рейслари ҳар куни 2 марта амалга оширилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, «Умра-2022» мавсуми юқори савияда ташкиллаштирилиб, ҳар куни биттадан Тошкент-Жидда йўналиши бўйлаб авиапарвозлар амалга оширилмоқда.
Шу йилнинг 10 февралидан бошлаб, умра ибодати учун рейслар ҳар куни 2 мартадан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров 5 январь куни Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан «Умра – 2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаганди.
Шундан сўнг, ҳудудларда пандемиядан олдин навбатда турган фуқаролар рўйхатларини шакллантириш, авиақатнов жадвалларини ишлаб чиқиш, қўшимча тўловларни амалга ошириш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.
Айни кунларда умра зиёрати бўйича жуда кўп саволлар бўлмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу саволларга қуйидаги жавобларни тақдим этганди.