Президент Самарқанддаги икки ҳокими, бир прокурор, икки бош солиқчи, учта ИИБ бошлиқлари ва яна икки амалдорни ишдан олди.
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Ўта танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтди, деб хабар қилади Президент матбуот котиби.
Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов ва Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Заиров фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан олинган.
Носир Мавлонов 2019 йил ёзида Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан Самарқанд тумани ҳокимлигига тайинланганди.
Муқаддам олий таълим вазирлигида ишлаган Фахриддин Зоиров эса 2017 йил ёзидан буён Нуробод туманига раҳбарлик қилиб келган.
Оқдарё тумани прокурори Д.Кубаев, Самарқанд шаҳри ИИБ бошлиғи Жамшид Қодиров (2019 йил январ), Самарқанд тумани ИИБ бошлиғи Фаррух Гафаров (2021 йил август) ва Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Ибрагимов (2019 йил март) ҳам ишдан олинган.
Шунингдек, Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари А.Алмазов ва М.Эргашев ҳамда вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов ҳам лавозимларини тарк этган.
Қайд этилишича, уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилади.
Бундан олдинроқ мазкур йиғилишда Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев ишдан олинган.