“БИЗНИНГ РАЙОН – ЭНГ ЗЎР!” (Фельетон)

Самарқандга қаердандир келиб, Тошкентга кетаётган поездга миндим. Ҳар турли халқ бор экан.

Поезд қимирлаганидан кейин улардан бири гап бошлаб қолди.

— Коррупсия-коррупсия, дейдила. Уни йўқ этиб бўлмасакан. Мана, бизда РайОНОни каттаси бировни мафтакка директор қиламан деб, 200 доллар олаётганда ушланди, — у ҳаммага бир-бир қараб чиқиб, “якуний зарба”ни берди.

– Пора бериб, билим соҳасида ишлайдилами, оххе?!У шундай деб иягининг тагини қаший бошлади.

Рўпарасида ўтирган киши унга эътироз оҳангида жавоб қайтарди:

— Ома сиз айтган нарса ҳеч нарсага арзимас экан, ака. Бизни районда солиқчини ушлашди. Солиқчиларнинг ўзи ушлади. Ёнидан беш минг чиқибди. Осилсанг, баланд дорга осил, деб шуни айтишади-да!

Бу киши гапини тугатиб, дўпписини ечди-да, аллақандай мамнуният билан уни биринчи марта кўраётгандай томоша қила бошлади. Ҳойнаҳой, “қойил қилдим!” деб ўйлаётган бўлса керак.

— Ўзиникини ўзи ушлаш бўйича бизнинг районга етадигани йўқ, тахсир, — деди унинг ёнида ўтирган бошқа бири. У “тақсир” демоқчи эди.

— Туновгун прокурор прокурорни қўлга туширди. Э, мен “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”, деб юрар эканман. Булардаям конкуренса боракан! Тўрт кишидан ўнта-ўнта талаб қилиб, қирқтани қурутдай санамоқчи бўлган экан. Ўзига талаб тушиб қопти.

Шу гапни айтиб бўлиб, бир ўзи хохолаб кулди. Лекин бошқалар қўшилмагани учун тезда жим бўлиб қолди.

Мўйлабининг ўнг томонини дам юқорига, дам пастга бураб ўтирган яна бир йўловчи энсаси қотаётганини яширмай келаётган эди. Шу пайт у ҳам гап қотиб қолди:

— Силар энди шуни коррупса ҳисоблаб кетаверасилар экан-да. Шуям иш бўптими?! Мана, бизни районда кимсан замҳокимни ушлаб, ишхонасидан қўлига кишан солиб, обкетишди. Бировга етмиш минглик, яна бировга олтмиш минглик ер қиберган экан. Мана, қўлга тушиш қандай бўлади, акала!

У энди хотиржам бўлгани кўриниб турарди. Шунинг учун икки қўлиниям ишга солиб, мўйлабининг икки томонини бурай бошлади.

Катта бозор-халтасига оёқларини қўйиб келаётган, соқол қўйган, лекин мўйлабини ялтиратиб қириб ташлаган бир эринчоқ киши мийиғида бир кўлиб қўйди. Йўловчиларга бирма-бир қараб чиқди-да, аста гап бошлади:

— Мен сизларга гапнинг ўғилболасини айтайми? Бизни райондами, бизни районда? Чегарачи бўлаъми, чегарачи? Улар наркотикка қараши керакми, қараши керакмасми? А бир тушди-ку! Ёмон зўр куйди ўзиям. Неччидир килосини ўтказярипти. Пулга чақдими, пулга? Хўп, қанча чиқди?!

Шундай деб, у қаршисидаги йўловчига, кейин бошқаларга бирма-бир қараб чиқди. Юзида буюк сирни биладиган инсоннинг фахру ғуруридек бир ҳис-туйғу аломатлари барқ уриб турарди. Лекин сабри чидамади. Ҳеч кимнинг жавобини кутмасдан тезда давом этди:

— Э ўлчаб кўрса бор-ку, ўлчаб кўрса, 200 минглик нарса экан! Қойил қоласми ё ноқойилми?!

У энди ўзини эълон қилинмаган мусобақанинг мутлақ ғолибидек тута бошлади – оёқларини бозор-халтага яна ҳам мустаҳкам ўрнатиб, керилиб, ярим ўтириб-ярим ётиб олди.

Шу пайт нарироқда ўтирган шляпали йўловчи (сочи сийрак бўлса керак) бир томоқ қириб олиб, ҳамманинг диққатини ўзига қаратди ва гап бошлади:- Мен бир гап айтаман, лекин кўнгилларингизга келмасин, — деди у ортиқча “фахрланиб”, буларнинг дилини оғритиб қўядиган кишидек.

— Бу тўғрида гапирадиган бўлсак, бизни районнинг олдида ҳеч ким ип эшолмайди. Бизда бир нечта завод бор, биласизлар.Ҳамма бир-бирига қараб олди: “у қанақа район экан, айтмади-ку, биз қаёқдан биламиз бунинг заводларини?”

— Шулардан иккитасининг каттаси бир милён-бир милён билан тушди! — давом этди сочи сийрак.

— Импорт замешшейна, абшўр, таможни, солиқ, яна бир нималар билан ушланди икковиям. Ҳамтовоқ экан. Энг тоза гап шу, акалар.

Ҳамма поезд деразаларидан узоқ-узоқларга қарай бошлади.

Дарҳақиқат, шляпали йўловчи барча йўлдошларини мағлуб қилган эди. Чунки, улар айтганларнинг ҳаммасини йиғиб келсаям, 2 миллионга етмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Лекин ҳу нарироқда ўтирган аёл сочи сийракни ҳам, бошқаларни ҳам бир нафаслик гапи билан чилпарчин қилиб ташлади:

— Э менга қарейлар, нималарни айтиб мақтаняпсилар ўзи?! “Фалончи фалонча билан тушди”, “Пистончи пистонча билан тушди…” Шу мақтанадиган гапми?! Шундан кейин ҳамма Тошкентгача жим келди.

Тасофий йўловчи: Жулқунбойнинг жияни