Президент имзолаган қонунга (ЎРҚ–752-сон, 09.02.2022 й.) мувофиқ Меҳнат кодексига ҳам ўзгартириш киритилди. Болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди.
Бунга қадар Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмига кўра, аёлларнинг болани парваришлаш таътилидаги вақти меҳнат стажига қўшилар эди, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил қўшиларди холос.
Бу нимани англатади?
Айтайлик, аёл ходим пенсия ёшига тўлгунга қадар 4 нафар фарзанд кўрди ва уларнинг ҳар бирини парваришлаш учун жами 8 йил (ҳар бир бола учун ўртача 2 йилдан) таътилда, яъни уйида ўтирди.
Аввалги тартибга кўра, мана шу 8 йилнинг бор-йўғи 3 йили мутахассислиги бўйича, шунингдек пенсияни ҳисоблашдаги иш стажи сифатида қабул қилинар эди. Қолган 5 йили стажга ўтмасди.
Энди кучга кирган янги қонунга кўра, мана шу 3 йиллик муддат икки баробарга оширилиб, 6 йил этиб белгиланди. Яъни юқоридаги мисол бўйича олсак, 8 йил бола парваришлаш таътилида ўтирган аёлга 6 йил стаж ёзилади, 2 йили эса стаж сифатида ҳисобланмайди.