​​ХТВ: “Мактаблардаги кечки тадбирларга педагог ходимлар ва ўқувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқланади”

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларни жойларда ўзининг педагогик фаолиятдан ташқари бўлган ишларга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Халқ таълими вазирлиги мазкур мурожаатларга жавобан халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланганини яна бир бор эслатиб ўтди.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда айрим ҳудудларда ўқитувчиларни мактаб муассасаларида дарс жараёнидан ташқари кечки вақтларда турли маданий-маърифий тадбирларга жалб этилаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

мактабларда ўқиш жараёнидан ташқари вақтларда ўтказилаётган мазкур тадбирлар уюшмаган ва таълим билан банд бўлмаган (18—30 ёш) ёшларга мўлжалланган бўлиб, уларни ташкил этишга Ёшлар ишлари агентлиги, хусусан, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари масъул этиб белгиланган.
Бунда Халқ таълими вазирлигига мактаб инфратузилмасидан (кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали) оқилона фойдаланиш ҳамда мактабларни маҳалла учун «маънавият маскани»га айланишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги барча ҳудудий бошқармаларга ушбу тадбирларга мактаб маъмурияти, педагог ходимлар ва мактаб ўқувчиларини мажбуран жалб этилиши қатъиян тақиқланганини маълум қилади.

«Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон президентининг ПҚ-3907-сонли қарорининг 16-банди билан қуйидагилар тақиқланган:

халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш;

халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш;

халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш.

Ушбу банд билан давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талаблар бузилган ҳолларда тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

Қайд этилишича, Бош прокуратурага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш юклатилган.

Шунинг учун, бу каби ҳолатлар юзага келган тақдирда ушбу қарор билан масъул этиб белгиланган идоралар: Ўзбекистон Бош прокуратурасининг — 1007, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч телефонларига хабар бериш мумкин. Шу билан биргаликда, ўқитувчилар бундай ҳолатларда Халқ таълими вазирлигига ҳам мурожаат қилишлари учун алоҳида тизим яратилган — «Ustozovozi.uzedu.uz».