Таниқли ўзбек адиби ва драматург Қўчқор Норқобил Россия Давлат Думаси Жамоатчилик палатаси ҳамда Россия Халқаро ёзувчилар уюшмаси томонидан “Муқаддас Анна” (“Святая Анна”) ордени билан тақдирланди.
Ушбу мукофот ўзбек ёзувчисининг Россия Федерасиясида чоп этилган “Кўзларингни кўргани келдим”, “Қордаги лола” ҳамда қатор туркум асарлари учун лозим кўрилди.
Маълумки, ушбу мукофот адабиёт соҳасида санъат ва маданиятни фаол тарғиб қилган, халқлар ўртасида адабий алоқалар ривожида муносиб ҳисса қўшаётган ижодкорларга берилади.
Адиб ижодида 1994 йилда нашр этилган “Дарё ортидаги йиғи” қиссаси муҳим ўрин тутади. Унда афғон юртида муаллиф ўз кўзи билан кўрган, бошидан кечирган ҳаётий воқеалар маҳорат билан ифода этилган. Мазкур қисса ёшлар ташкилотининг Усмон Носир номидаги мукофотига сазовор бўлган эди.
Бундан ташқари, адиб 2001 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.