Инсоният бу йил коронавирусни “жиловлаш” имконига эга. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Коронавируснинг “омикрон” штамми пайдо бўлганидан буён уч ойга яқин вақт ўтди. Шу орада баъзи мамлакатларда унинг янги BА.2 тури ҳам кенг тарқала бошлади.
Бироқ куни кеча Дания олимлари мазкур штаммнинг яна бир янги мутациясини аниқлади. Тадқиқотчилар фикрича, H78Y деб номланган ушбу вариант аввалги турдошларига нисбатан янада юқумлироқ.
У инсон ҳужайраларида яллиғланиш реакцияларини келтириб чиқарадиган ва вируснинг ҳужайра ичида ҳаракатланишга масъул бўлган ORF3a оқсилига таъсир кўрсатиш хусусиятига эга.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур вариант келгусида Данияда доминантга айланиши мумкин. Чунки ҳозир бу ерда COVID-19га чалинаётган беморларнинг 24 фоизи айнан шу — H78Y мутациясини юқтирган. Шунингдек, “омикрон”нинг янги тури Польшада ҳам қайд этилди.
Буюк Британия олимлари эса келгусида СOVID-19нинг янада хавфли мутациялари пайдо бўлишидан жиддий хавотирда. Уларнинг хулосасига кўра, келажакдаги штамм “дельта” ва “омикрон”га қараганда кўпроқ инсонлар ўлимига сабабчи бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ана шундай мураккаб вазиятда аҳолини имкон қадар тезроқ эмланишга чақирмоқда. Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, инсоният бу йил пандемияни “жиловлаш” салоҳиятига эга. Аммо борган сари бу имкониятни қўлдан бой бериш хавфи ортяпти.
Гап шундаки, ЖССТ шу йилнинг биринчи ярмига қадар ҳар бир мамлакатда аҳолининг камида 70 фоизи вакцина олишига эришишни мақсад қилган. Аммо ҳозир 116 давлат эмлаш жадвалидан орқада қолмоқда.
“Бизнинг хавотиримиз шундаки, қатор мамлакатларда эмлаш кўрсаткичлари пастлиги коронавируснинг янги вариантлари пайдо бўлиши учун идеал шароит яратади», — дейди Т. Гебрейесус.