Молиявий назорат ҳақида хабар берганлар мукофотланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат инспекцияси ташкил этилди. Маълум қилинишича, 2023 йил 1 январгача Электрон назоратчи-тафтишчи дастури мажмуаси ишга туширилади.
Инспекцияда бюджет ҳисобидан амалга оширилган қурилишлар учун ажратилган тўловлар ҳақиқатдан ҳам бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун Қурилиш объектларида назорат ўлчовларини амалга ошириш бошқармаси ташкил этилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 ноябргача Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади ҳамда жорий йилнинг 1 ноябрь ойидан Инспекция ва Ички аудит хизматларининг ҳодимларига малака сертификати бериш тартиби жорий этилади.