Қашқадарё вилояти Миришкор туманида ИИБ ходимлари олиб кетган эркак шифохонада вафот этгани ҳабар қилинган эди.
Вилоят прокуратураси ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, туманнинг Чандир қишлоғида яшовчи 36 ёшли фуқаро С.Х. кўчада маст ҳолда қўшнилар билан жанжаллашиб, уларнинг тинчлигини бузган.
Воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириб, соғлиқни сақлаш органларида спиртли ичимликларга ружу қўйган шахс сифатида ҳисобда турувчи С.Х.ни Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиалига жойлаштирган. Бемор шифокорлар кўригидан ўтказилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Унинг соғлиғи ёмонлашгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига етказилган.
Касалхонада бемор С.Х.га шифокорлар томонидан бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, у 12 февраль куни «Алкоголдан ўткир заҳарланиш оғир даражаси, аспирацион синдроми, алкоголь комаси ўткир нафас етишмовчилиги II-III даражаси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги II даражаси» ташхиси билан вафот этган.
Прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат бўйича Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.