Аҳолини гўшт билан таъминлаш бўйича ўзгариш қилмаган туман ҳокимлари ишдан олинади

Аҳолини гўшт билан таъминлаш бўйича ўзгариш қилмаган туман ҳокимлари ишдан олинади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа — чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, 2019-2021 йилларда:

чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди;

чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилиб, 4,5 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди;

наслчилик хўжаликлари сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди;

чорва моллари сони 1,2 миллионга кўпайди.

Лекин, республика бўйича ҳар 2 кишига ўртача 1 та қорамол тўғри келса, бу кўрсаткич Наманган, Фарғонада 4 кишига 1 та, Тошкент вилояти ва Сурхондарёда 3 кишига 1 тани ташкил этмоқда.

Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарёда йирик чорвачилик хўжаликларининг сони қолган ҳудудларга нисбатан 1,5-2 баравар кам.

Чортоқ, Нарпай, Ургут, Олтинсой, Ўртачирчиқ ва Урганч туманларида аҳолини гўшт билан таъминлаш даражаси 40 фоизга етмасада, ушбу туман ҳокимлари 2022 йилда аниқ лойиҳаларни ишга туширишни режа қилмаган.

Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.