Мен қишлоқда яшамайман. Биламан сизни, тўйгача “шаҳарда яшаймиз, қишлоққа кетмаймиз” дейсиз-да, кейин ўз билганингизни қиласиз. Кошки қишлоқдаги шароитларни билмасам экан. Газ йўқ, ўтин қиммат, сув ҳам йўқ,йўлларнинг аҳволини гапирмасам ҳам бўлар…
Мени аврашга уринманг,қуруқ ваъдаларга ишонадиган аҳмоқ йўқ. Қачон шаҳардан уй олсангиз, кейин сизга турмушга чиқишга рози бўламан, унгача мени безовта қилманг. Айтганча, тўйимизгача машина ҳам олишингиз керак эди!”
Эҳ, Маппи, сендан бу сўзларни эшитиб, қай аҳволга тушишимни ўйлаб кўрдингми ҳеч? Ҳали ўқишни тугатиб, ишга жойлашганимга бир йил ҳам бўлмаган бўлса,нега бунча қийнайсан одамни? Тўғри, тўйимизгача машина оламан деб берган ваъдам ёдимда. Машиналар нархини кўриб чиқиб, қачон тўйимиз бўлишини айтгандим-ку сенга! Даданг каби “лаcетти” олишимни хоҳласанг, мени 58 ой кутишингга тўғри келади. Бу дегани 4 йил-у, 10 ой. Маппи, мен бу сонларни осмондан олаётганим йўқ, ўйлаб кўр. Янги “лаcетти” 114.449.000 сўм бўлса, менинг ойлигим эса уч миллион. Емай, ичмай, бу пулларни йиғсам, уч йил-у уч ой деганда тўй қиламиз. Лекин еб-ичмасликнинг иложи йўқ, бир томонда ижара ҳаққи. Сенинг кўнглинг ҳам бир нозик бўлса, туғилган кун-у, байрамларда совғасиз қолсанг, жаҳл қиласан. Вақти-вақти билан егинг келадиган ширинлиг-у “лаваш”ларни ҳисобламадим ҳали. Шундай экан, ҳар ойлигимдан бир миллионни ҳаражатлар учун айириб ташласак, тўрт йил-у, ўн ой бўлади. Агар бу вақт жуда кўп, 73.262.000 сўмлик “спарк” ҳам бўлаверади десанг, ўттиз олти ярим ой, яъни уч йил-у бир ой кифоя эди. Мен 28 га, сен 24 га тўлганингда тўй қилардиг-у, бахтли-саодатли яшайверардик. Ҳаммасини ҳисоблаб қўйган жойимда уй дейишингни қара! Дадам оддий ўқитувчи, онам уй бекаси бўлса, улардан ёрдам сўраб бўлмайди. Укам ўқияпти, ҳали опамни узатишимиз керак.Агар ўқитувчиларнинг ойлиги ошиб, дадам минг доллар маош олганида ҳам бу иш беш-ўн йилсиз битмайди.
Миямда минг хил ўй-фикрлар билан интернет титкилашга тушдим. Турар жой бинолари деб ёзишим биланоқ “Лухурй ҳоусе” , “Мурат буилдингс” , “Фамилй Гарден”, “Олмазор Cитй” каби жимжимадор номлар чиқиб кела бошлади.
Хўўўш: “ Пойтахтимизда сўнги йиллар ичида жуда кўплаб янги турар-жой мажмуалари барпо этилмоқда. Тошкент шаҳрининг деярли ҳар бир туманида бунёд этилган ва этилаётган янги, замонавий ва кўркам кўп қаватли уйларни кўриб, беихтиёр ундаги хонадонлардан бирини сотиб олиш истаги туғилади. Барчамизга маълумки,ҳар томонлама қулай,хавфсиз, тинч, айниқса, ҳамёнбоп арзон уйларга эҳтиёж доим баланд бўлган. Қуйидаги рўйхатда шаҳримиздаги энг сифатли ва арзон турар жой мажмуаларини келтириб ўтамиз.
“Инфинитй Лухурй Ресиденcе” турар-жой мажмуасида ( буларнинг номини эшитибоқ одамнинг капалаги учади) бир хонали 681.700.000 , икки хонали 1.000.000.000, тўрт хонали уйлар 1. 594.000. 000 сўмдан.
“Греенwич” турар-жой мажмуасида бир хонали 398.800.000 , икки хонали 567. 346.500 сўмдан.
Кўзларимни янада каттароқ очиб, нархларга такрор қарайман. Наҳотки, шаҳардан биттагина хона олиш учун ўттиз беш йил ишласам?! Яна келажакни биз билан қуринг, деб қўяди булар. Ҳеҳ, ўргилдим келажагингдан. Яхшиси, иккилламчи бозор нархларини суриштириб кўраман, эски уйлар ҳам тешиб чиқмайди. Маааана, уй_бор гуруҳида эълон ёзишипти: “Икки хонали уй сотилади, ремонт қилинган. Манзил: Чилонзор, Алгаритм,Қизил шарқ маҳалласи, 26-74. Мўлжал: “Зарҳал” тўйхонаси. Нархи: 30 минг АҚШ доллари”. Қани ҳисоблаб кўрамиз, доллар курси 10.500 бўлса, 30 минг доллар 315.000.000 бўлади. Ҳар ой икки миллионни тугиб қўйсам, бу пулларни йиғиш учун менга 157 ой керак. Бу дегани 13 йил. Доллар кўтарилиб, нарх-наволар кўтарилишини, машина олгунча кетадиган вақтни ҳам қўшсак, мен 42,сен эса 38 ёшда бўласан.
Маппи, кўряпсан, бу рақамлар бизнинг бахтли бўлишимизга қарши. Бўлди, гап битта, ҳеч қанақа шаҳардан уй-пуй йўқ.
Мен билан қишлоққа кетасан, тамом! У ерда сени икки хонали эмас, етти хонали уй, ошхонадан ташқари катта ҳовли, молхона, сомонхона-ю тандирхона ҳам кутиб турипти.
Шахруза Сатторова