Бир ҳафтада уйга учинчи бор олинган пиёз қопчаси билан ғойиб бўлганини кўрган эр-хотин янгисини олиб, ошхонага қўйишгач, бир жойга яшириниб, кузата бошлади.
Бироздан сўнг ошхонага кичик қизлари Саҳар кириб келди. У пиёз қопчасини тезда қўлига олиб, чопганича ташқари чиқди ва уни энг яқиндаги аҳлат қутисига улоқтирди.
Ота эса, дарғазаб ҳолда қизини уйга киргизиб, нима сабабдан пиёзларни нуқул аҳлатга ташлаб келаётганини сўради. Қизча отаси важоҳатидан қўрқиб, онаси қучоғига отилди. Ота ҳар қанча ҳаракат қилса-да, қизидан бирон жавоб ололмади. Сўнгра эртага кечқурунгача жавоб ололмаса, қизини бир йил давомида тенгдошлари билан ўйнашдан маҳрум қилиш билан жазолашини айтди.
Қизча эртаси кун ташқарига чиқишдан олдин бир мактуб ёзиб, уни отасининг назари тушадиган жойга қўйди. Отанинг дарди дунёсини остин устун қилган, ҳеч кутилмаган мактубда шундай ёзилган эди:
«Онамга қаттиқ муомалада бўлганингизда унинг кўз ёшларини оқизардингиз. Кейин онам овқат тайёрлаш учун пиёз тўғраганида ҳам кўз ёш тўкарди.
Сиз менинг отамсиз, сизни ташлаб келолмайман. Онамни жуда яхши кўраман. Йиғлашига чидаб туролмайман. У сал бўлса ҳам камроқ кўз ёш тўксин деб, қўлимдан келган ишни қилдим. Бор гап шу, отажон…»
Муаллиф: Суат Ўзге.
Таржимон: Зиёуддин Камол.