Тез ёрдам машинаси бузуқ, пиёда юриш эса “фойдали”

Ижтимоий тармоқларда Узун туман тез тиббий ёрдам бўлими Чақар маҳалласи шохобчаси фельдшери чақирув манзилига яёв бориб, беморга тиббий хизмат кўрсатганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳодисага Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати изоҳ берди.

Бугунги кунда Узун туманида 180 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб, уларга туман “103” хизматининг 13 та санитар автомашинаси тиббий хизмат кўрсатади. Шулардан 9 таси врачлик, 4 таси фельдшерлик бригадасидан иборат.

Аниқланишича, жорий йил 13 февраль соат 20:06да туман тез тиббий ёрдам бўлими Чақар маҳалласи шохобчасига шу ҳудудда яшовчи 76 ёшли фуқаро Қ.М. томонидан чақирув келиб тушади.

Ўша вақтда “103” хизматига бириктирилган “Дамас” русумли автомашина вақтинчалик техник кўрикка юборилганлиги сабабли шохобчадан бор-йўғи 70 метр узоқликда яшовчи ушбу фуқаро хонадонига навбатчи фельдшер Б. Ибрагимов саноқли дақиқалар ичида яёв етиб бориб, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.

Шунингдек, техник носоз бўлган автомашина ўрнига қисқа вақт ичида техник соз ҳолатдаги бошқа “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автоулови Чақар маҳалласи шохобчасига бириктириб берилган.

Ўз вақтида кўрилган зарур чора-тадбирлар сабабли фуқаролардан “Тез ёрдам” хизмати фаолияти бўйича ҳеч қандай шикоятлар келиб тушмаган. Аксинча, фуқаро Қ.М. кўрсатилган сифатли тез тиббий ёрдам учун “103” хизматига ўз миннатдорлигини билдирган, – дейилади хабарда.