“Қилмиш–қидирмиш”!Сирдарёда Телеграм орқали экстремистик материалларни тарқатган шахс ушланди

Сирдарёда Телеграм орқали экстремистик материалларни тарқатиш билан шуғулланган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.

Аниқланишича, 1992 йилда туғилган А.Х Телеграм мессенжерида виртуал гуруҳ очиб, ақидапарастликни тарғиб қилувчи аудио ва видео материалларни жойлаштириш орқали уни интернет фойдаланувчилари орасида оммалаштирган.

Шунингдек, олиб борилган текширувлар жараёни давомида А.Х. нинг яқин алоқаси, 1991 йилда туғилган Ғ.Д исмли шахс ҳам аниқланиб, терговга жалб этилди.

Мазкур шахсларнинг уяли алоқа воситалари ва яшаш манзилларидан олинган далилий ашёлар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. Сирдарё вилоят ИИБ Тергов Бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244 прим 1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «Г» банди (оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди ва А.Х га нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.