Жиззах шаҳрида тадбиркорга имтиёзли кредит олиб бериш учун 600 доллар пул талаб қилган Давлат солиқ инспекцияси ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент маълум қилди.
Аниқланишича, департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг давлат солиқ катта инспектори А.Х. «М.Н.» МЧЖ раҳбари М.нинг ишончига кириб, банк муассасаларида ишловчи танишлари орқали 200 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам беришни ваъда қилгани аниқланган. Инспектор бунинг эвазига 600 доллар ва ўзи учун қайтариб бериш шарти билан 200 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, – дейилади хабарда.