Бугун шунақа даврки, ҳаммада рейтинг бор. Артистда ҳам, спортчида ҳам, сиёсатчи ва ҳоказоларда ҳам. Артистни рейтингига қараб туйларга чақирсак, спортчини рейтингига қараб реклама контрактлари беримиз. Бир четда сочига оқ тушган, кўзида очки билан умрини лабораторияда ўтқазган олим уларга хавас билан қараб турибди. Аргентиналик физик Хорхе Хиршга бу адолатсизлик ёқмади. У дарҳол олимларнинг ҳам “крутой”лик даражасини белгиловчи рейтинг тизимини киритишни таклиф қилади. Бугунги кунда Хирш томонидан таклиф қилинган Хирш индекси ёрдамида нафақат олимларнинг балки, илмий марказлар ва хатто бутун бошли давлатларнинг ҳам илмий самарадорлиги ўлчанилади. Хўш Хирш индекслари ўзи нима?
Хорхе Хирш. Соқоли ўсганлиги ва галстук тақмаганлигига қарамасдан тарихда ўз номини қолдира олган шахс.
Илмий мақолани вазни унга бошқа олимлар томонидан қилинаётган ҳавола орқали белгиланади. Масалан, Хасан табиб 100 та илмий мақола ёзди, аммо фақатгина бир киши унга ҳавола келтирди. Доктор Хусан эса, 1 дона илмий мақола ёзган. Шунга қарамасдан 9 та одам Хусаннинг ишига ўз илмий ишларида ҳавола келтирди. Нима деб ўйлайсиз, бу ерда кимнинг илмий вазни кўпроқ? Хасан табибникими ёки доктор Хусанникими? Бир тарафдан Хасан табиб кўпроқ ижод қилиб, кўпроқ нарса ёзган. Аммо уни иши фақатгина бир дона инсонга қизиқ бўлди. Доктор Хусаннинг илмий фаолиятини 1 дона мақола билан чеклаган. Лекин, ўша бир дона мақола 9 та одамни қизиқтиролди. Бу ерда Хасанга сифат, Хусанга эса сон етишмайди. Шу сабабли уларнинг илмий вазнини солиштиришда қийинчилик туғилади.
Сифат муҳим. Лекин, сонни ҳам унутиб қўймайлик.
Илм-фанда сифатдан ташқари сон ҳам муҳим. Чунки, ижодингиз давомий ва интенсив эканлигини айнан сон белгилайди. Бу нарсани тушунган доктор Хусан яна битта мақола ёзади ва унга яна 9 та ҳавола олади. Ана энди Хасан табиб кўпроқ одамларни қизиқтиролмаса, 1000 та мақола ёзса ҳам фойдаси йўқ. Унинг илмий вазни доктор Хусанникидан паст бўлади.
Демак, Хирш индекси.
Агар 1 дона мақолангизга 1та ҳавола келтирилса, сизнинг Хирш индексингиз 1га тенг бўлади. Агар Хирш индексингизни 2 га кўтармоқчи бўлсангиз, сиз хар бирига 2 тадан кўп ҳавола келтирилган 2 дона мақола ёзишингиз керак. Айтайлик, h-index сизда 20 бўлишини хохлайсиз. Демак сиз нафақат 20 та мақола ёзишингиз керак, балки, ўша 20 та мақолангизни ҳар бирига бошқа олимлар томонидан 20 тадан кўп ҳавола келтирилиши лозим. Бу эса осон иш эмас.
Хирш индексини ҳисоблаш учун мисол.
Тепадаги расмда кўриниб турибдики, 8 та мақолага 8 тадан кўп ҳавола келтирилган. 9-мақолага келганда эса, ҳаволалар сони мақола сонидан тушиб кетган. Кейинги мақолалар ҳам одамларни унчалик қизиқтира олмаган. Шу сабабли Хирш индекс 8 да тўхтади.
Умуман олганда, Хирш индекси олимларнинг фаолиятини сифат ва миқдор жиҳатидан баҳолаб борадиган индексдир. Олимлар рейтинги ҳам айнан шу икки факторга асосан шаклланади.
Сифат ва миқдор баланси ўта муҳим фактор.
Айнан хирш индексига қараб олимнинг ёки илмий даргоҳнинг илмий салоҳияти белгиланади.
Умид қиламанки, Хирш индекслари нима эканлиги сизга тушунарли бўлди. Илм билан жиддий шуғулланмоқчи бўлсангиз, Хирш индексингиз устида бош қотириб боринг.
Рустам Ашуров