Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтаётган мажлисида дастлаб «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланяпти. Соҳада қўлланилиб келинаётган тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада назарда тутилаётган нормалар билан уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштирилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар билан меҳнат мигрантларига муайян имтиёз ва преференциялар тақдим этилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятини, иккинчи ўқишда билдирилган таклиф-тавсияларнинг лойиҳада акс эттирилганлигини алоҳида таъкидлаб, уни учинчи ўқишда қабул қилишди.