Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида ўзини етти қаватли уй томидан пастга ташлашга уринган 16 ёшли қиз қутқарилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов хабар берган.
«Бугун, 22 февраль куни соат 11:29 да менга қўнғироқ қилишиб, бир қиз ўзини домнинг еттинчи қаватидан пастга ташлашга уринаётганини айтишди. Айтилган манзил хизмат хонамдан, чамаси, 700 метрча узоқликда жойлашганди. Тезда хизмат машинамга ўтириб, уч дақиқада манзилга етиб бордик. Томга чиққанимизда қиз девор устига чиқиб, ёмғир сувлари оқиб тушишига мўлжалланган металл қопламалар устига чиқа бошлади. Уни гап билан чалғитдик ва ушлаб қолдик», — дейди ҳудуд профилактика инспектори Жаҳонгир Ҳайдаров.
Профилактика инспектори билан том устида суҳбат қилган ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилишига оилавий келишмовчилик сабаб бўлганини билдирган. Кейинчалик қизнинг Бухоро шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олиши, шаҳардаги зиёли оила фарзанди экани, жонига қасд қилиш учун арзирли сабаб йўқлиги маълум бўлган.