Миллиардер Марк Цукербергга тегишли Meta компаниясининг глобал ривожланиш бўйича директори 13 ёшли бола билан ёзишгани учун ишдан бўшатилди.
Маълум қилинишича, Meta компаниясининг глобал ҳамжамиятни ривожлантириш бўйича директори, 35 ёшли Жерен А. Майлз Оҳаё штатидан 13 ёшли болакай билан очиқчасига мулоқот қилганини тан олган YouTube видеосини жойлаштирганидан сўнг компаниядан бўшатилган.
«Бу айбловларнинг жиддийлигини ортиқча баҳолаб бўлмайди. У энди компанияда ишламайди. Биз ушбу вазиятни фаол равишда текширмоқдамиз ва ҳозирча қўшимча изоҳ бера олмаймиз», — деган Meta медиа вакили.
Жерен А. Майлз ишдан бўшатилганми ёки ўз хоҳиши билан компанияни тарк этганми, Meta аниқлик киритмаган. Predator Catchers Indianapolis — Индианаполисда яшовчи Эрик Шмутте томонидан яратилган «онлайн ҳаваскор детективлар» ҳаракати бўлиб, у педофилларни топиш ва фош қилиш билан шуғулланади. Икки соатлик PCI видеосидаги «сўроқ» пайтида Майлз ўспирин билан фақат «кўнгилхушлик учун ёзишгани»ни айтган.
«Мен у билан ноз-карашма қилдим, гаплашдим. Ёзувлар давомида мен у билан учрашиш ниятим йўқ эди», — дейди Meta компаниясининг глобал ҳамжамиятни ривожлантириш бўйича собиқ директори камерада.
Бироқ, кейинчалик у болага Оҳаё штатининг Колумбус шаҳридаги Le Meridien меҳмонхонасидалигини айтганини қайд этган.
«Мен жойлашув маълумотларини ва шу каби нарсаларнинг барчасини бердим. Ҳа, буни шундай қабул қилиш мумкин эди», — дейди у.
Таъкидланишича, Майлзнинг Facebook ва Twitter’даги профиллари ўчириб ташланган.