Ривоят қилишларича Абу Али Ибн Сино жаноблари аёл кишини кўрмас, кўрсаларда уйда ўтирар, аёл кишини олиб келган киши аёл билагидан ипга боғлаб, ипнинг бир учини ибн Сино жанобларига олиб кириб берар, табиб ипнинг титрашига қараб юрак уришини санаб, касаллик сирини аниқлаб, даволар эдилар. Аллоҳ, шундай буюк истеъдод берган кишидан зиён кўрган инсон бўлмаган. Мухтожни ўз ҳисобларидан даволаганлар.
Минг афсуски яхшининг ёмони, оқнинг қораси бўлганидай ўша пайтда хам яхшилик ёқмаган инсонлар бўлган.
Улар кўчада кетаётишса бир катта она ит кўча четида оч-нахор ахволда ётган кўришди.
Шунда Абу Носир исмли киши биродарларига:
«Келинглар, шу итни Ибн Синога олиб бориб бир мазза килмаймизми?» дебди.
Биродарлари уни маъқуллаб, иккитаси итнинг олдинги икки оёғидан кўтариб икки томонидан қўлтиқлаб, устига мато ёпиб Ибн Синога олиб боришди.
Олдинги оёғига ип боғлаб, унинг учини Ибн Синога тутказишди.
Бечора ит хуришга хам мажоли йўқ, жим ётарди. Табиб ипни ушлаб уни титрашига қараб дебди:
«Бу киши кимнинг заифалари?»
Абу Носир нима дейишини билмай «меники» деди. «
Агар ушбу бемор сизнинг заифангиз бўлсалар, бу бемор соғ-саломатдур, факат жуда оч. Кўпроқ сут-қатиқ бериб турилса, тез кунда жунлари чикиб хожатингизга ярайди. Агар Аллоҳ мени адаштирмаган бўлса, беморнинг қоринларида 5 ёки 6 та ўзларига ўхшаган болалари бор».
Шу хазили учун Абу Носир «итнинг эри» лақаби билан танилиб кетди.
Илмли киши Аллоҳ севган банда бўлур. Уни хурмат қилмоқ эса, бизга ота-оналаримиздан меросдир.