Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида фаоллар билан учрашувида маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станциясига тамал тоши қўйди. Тамал тошидаги капсулада Президентимиз мактуби жойлаштирилган:
«Электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг бетакрор экомуҳитини муҳофаза қилиш мақсадида Саудия Арабистонининг AСWA Power компанияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватли янги шамол электр станциясининг қурилишини бошлаш учун кенг жамоатчилик билан бирга бугун 2022 йил 24 февраль куни тамал тошини қўйишга қарор қилдик. Ушбу лойиҳа ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади»