Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар томонидан ўз ватанига вақтинчалик жўнаб кетиши сабаб мамлакат олий ўқув юртларидаги ўқишларини сақлаб қолиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Шу боис элчихона қуйидагиларни маълим қилди.
Украина Таълим ва фан вазирлиги 2022-йил 25-январдаги 1/1266-сонли ва 2022-йил 15-февралдаги 1/2588-22-сонли хати билан Украинанинг барча олий ўқув юртларига масофавий таълимни жорий этишни тавсия қилган. Мамлакат ОТМларига ҳар қандай сабабга кўра талабаларни ўқишдан четлаштиришдан сақланиш топширилган, ўқишни мустақил равишда тарк этиш истагини билдирган талабалар бундан мустасно.
Ушбу қоида тиббиётдан ташқари барча мутахассисликлар талабаларига тегишли.
Юқоридагиларни ҳамда ҳаво қатновида кузатилган узилишларни ҳисобга олган ҳолда ўзбекистонлик талабаларга ўз ватанларида ўқишни масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини эвакуация қилишга тайёрланаётганини маълум қилганди.