​​Тафаккур вақти: Кўза қачон тўлади?

Донишманд кўзани олиб, кичик тошлар билан тўлдирди. Ўз шогирдларини йиғиб, савол берди:
⸺ Айтингчи, менинг кўзам тўлами?
⸺ Ҳа, тўла, ⸺ жавоб беришди шогирдлари.
Шунда донишманд нўхат тўла идишни олиб, уни кўзага солди. Нўхатлар тошлар орасидаги бўш жойларга кириб жойлашди.
⸺ Кўза тўлами?
⸺ Ҳа, тўла.
Энди у қум солинган қутича олиб, уни ҳам кўзага сочди. Қум тош ва нўхатлар орасидаги барча бўш жойларни эгаллади…
⸺ Сизлар, кўза – бу ҳаётимиз эканлигини англаб етишишингизни истар эдим, ⸺ деди, донишманд. ⸺ Тошлар – ҳар бир инсон ҳаётининг асоси. Нўхат – ёқимли нарсалар, лекин улар энг муҳим ҳисобланмайди. Қум эса – майда-чуйда икир-чикирлардир, улар ҳар бир инсоннинг ҳаётида бор…
Лекин айримлар ўз кўзасига тош ва нўхат жойламасдан, аввало қум билан тўлдирадиларки, унда асосий нарсага жой қолмайди.