25-феврал куни Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов, Ички аудит бошқармаси раҳбари Бурхон Аҳмедов, Молия департаменти директори Илҳом Сирожев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вазирлик Ички аудит хизмати фаолиятининг йиллик натижалари сарҳисоб қилинди.
Маълум қилинишича 2021-йил давомида тизим таълим муассасаларида 91,1 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,1 млрд. сўм (жами молиявий хато ва камчиликларнинг 30 фоизи) маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Хусусан, Ҳисоб палатаси бошчилигида ўтган йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўтказилган текширишда, ходимларнинг даромад солиғини Давлат буджетига ўтказмасдан, тизимда ишламайдиган бегона шахсларнинг пластик карталарига ўтказиш орқали 11,5 mlrd.soъм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган. (2020 йилда вазирлик томонидан Андижон шаҳрида 28,4 млрд. сўм маблағ нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасдан ва ишламайдиган ходимларга тўлаш орқали ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган эди).
Маълумот учун, 2020-йилнинг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан жами қонунбузилиш ҳолатлари (228,3 млрд. сўм) 1,5 бараварга, камомад ва ўзлаштириш ҳолатлари (70,7 млрд. сўм) 2,6 бараварга камайган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 161 та 76 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Шунингдек, тадбирда таъкидланишича, 2022-йилнинг 15-февралга қадар вазирлик томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 142 млрд. сўмлик маблағлар мақбуллаштирилиб, бугунги кунда ушбу ишлар Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти билан биргаликда давом эттирилмоқда.