Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси яна мурожаат билан чиқди

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси яна мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда фуқаролар Украина–Польша чегарасини кесиб ўтишни бошлаган. Чегара зонасини кесиб ўтиш тажрибасига асосланиб, эчихона қуйидагиларни маълум қилган:

  • Украина ва Польша чегарачилари, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ўтказяпти;
  • чегарани кесиб ўтиш жуда узоқ вақт талаб этмоқда. Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этди;
  • Львовга кўп сонли қўшимча эвакуация поездлари етиб келганини ҳисобга олиб, чегарани кесиб ўтиш вақти чўзилиши мумкин;
  • чегарада одамларнинг кўплиги туфайли аввал эълон қилинган «яшил йўлак» ишламаяпти, чегарадан ўтиш, фуқаролигидан қатъи назар, навбат асосида амалга оширилмоқда.

Элчихона, шунингдек, чегарани кесиб ўтиш пиёда амалга оширилаётгани, шу муносабат билан фуқаролардан чегарадаги совуқ ҳавони ҳисобга олишни, ҳужжатлари бўлмаган (у ёки бу сабабларга кўра) фуқаролар учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳеч бўлмаганда қоғоз кўринишидаги нусхаси ёки мобил телефонида сканер қилинган нусхаси бўлишини сўраган.

«Чегара олдидаги тирбандлик ҳолатлари вазиятдан келиб чиққан ҳолда элчихона аёллар ва болаларни имкони борича чегарага яқинроқ жойга етказишни таъминлайди. Мустақил равишда чегарага етиб бориш имкониятига эга бўлган фуқароларга тўғридан-тўғри чегарага бориш тавсия этилади. Львовга етиб келган ҳурматли ватандошлар, Сиздан хотиржам бўлишингизни сўраймиз. Афсуски, диаспорамиз вакили М.Солиев бир вақтнинг ўзида юзлаб одамларнинг муаммоларини жисмонан ҳал қила олмайди. Шу муносабат билан имкон қадар бир-бирингизга ёрдам беришингизни, юртдошларимизга келишни мувофиқлаштиришда ёрдам берадиган кўнгиллилар гуруҳларини шакллантиришингизни илтимос қилиб мурожаат қилмоқда. Халқнинг миллий анъаналарига асосланиб, юртдошлардан, энг аввало, аёллар, болалар, талаба-ёшлар ва кексаларга ёрдам беришини сўраймиз», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Польша томонда Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси вакили жойлашган бўлиб, фуқароларимизни Ватанимизга жўнатиш ишларини мувофиқлаштиради. Вакил ҳужжатлар расмийлаштириш билан аэропортда шуғулланади. Молдова ҳудудига саёҳат қилиш билан боғлиқ сўровлар келиб тушмоқда. Уларни инобатга олган ҳолда шуни маълум қиламизки, хавфсизлик тамойилидан келиб чиқиб, агар фуқароларимизга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқиши лозим.

«Шу билан бирга, Молдовада бизнинг элчихонамиз мавжуд эмаслиги ва мамлакатнинг авиация майдони ҳаво қатнови учун ёпиқ эканлигини маълум қиламиз. Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлган фуқароларга ёрдам бериш учун штаб ташкил этилмоқда. Штабнинг алоқа учун маълумотлари қўшимча равишда жойлаштирилади», дейилади хабарда.