Янгийўлда 754 млн сўмни талон-тарож қилган бош ҳисобчи қўлга тушди

Янгийўл шаҳрида акасини номидаги МЧЖга банк кредитини ўтказиб, талон-торож қилган бош ҳисобчи аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан “Ўзмиллий банк” АЖнинг Янгийўл филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, Янгийўл филиали бош ҳисобчиси Ж.М. кредит маблағларини ўзлаштириш мақсадида, акаси Ж.нинг номига “Z.B.” МЧЖни ташкил қилиб, 11 нафар фуқаронинг номига кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, уларга ажратилган 754 млн сўмни дастлаб “Z.B.” МЧЖ ҳисоб-рақамига ва у орқали пластик картага ўтказиб, тарон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.