Айтишларича, Nexia 3, Spark ва Cobalt автомобиллари нархи 10%га, Gentra нархи эса 12%га ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Рlatforma.uz маълум қилмоқда.
Аввалроқ UzAuto Motors нархларни 40% ёки ундан ҳам кўприроққа ошириши ҳақида хабар берган эдик.
ЎзА ахборот агентлиги «UzAuto Motors компанияси нархларни оширса, ҳайрон қолмаслик керак» мазмунидаги материал эълон қилганди.
Материалда келтирилишича, бутун дунё бўйлаб яримўтказгичлар етишмовчилиги кузатилаётгани сабаб энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам нархларни оширмоқда. Бу эса, бугунги бозорга таъсир қилмай қолмайди. Албатта, жаҳонда нарх-навонинг ўсаётганлиги бор гап. Аммо, 35 млн. аҳолига автомобил ишлаб чиқариш соҳасида яккаҳокимликни ўз қўлига олган компания ҳақида бу қадар «раҳм-шафқат нигоҳлари ила» қараш ўринсиз бўлса керак. Ахир, ҳар доим муқобил танлов учун имкон бўлиши демократик давлатларда одатий ҳол сифатида қабул қилинади.
«Бундай вазиятда, – дейилган материлда, – “UzAuto Motors” ўз маҳсулоти таннархини ушлаб туришда давом этишига ишониш соддаликдир. 2020 йил март ойидан буён нархларни кўтара олмагани кўплаб мутахассисларни ҳайратда қолдиради, аммо ҳозирги шароитда бу жараён ўз-ўзидан тугади.
Агар бир неча кун олдин “UzAuto Motors” тез орада нархларни 40 фоизгача ошириши кутилган бўлса, сўнгги воқеаларни ҳисобга олсак, бу ўсиш анча юқори бўлиши мумкин эди ва бунга ҳайрон қолмаслик керак.»