Польша чегарасида уч нафар юртошимиз автоҳалокатга учради, улардан бири вафот этган

Львов шаҳридан Польша чегараси томон ҳаракатланаётган, ичида 3 нафар ўзбекистонлик бўлган автомобиль автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси хабар бермоқда.

Автоҳалокат оқибатида 1 нафар юртдошимиз ҳалок бўлган, 2 нафари Львов шаҳридаги Топольная касалхонасига жойлаштирилган. Ушбу йигитларнинг ҳол-аҳволи, дори-дармони назорат остида экани маълум қилинган.

“Львовдан Польша чегараси томон кетаётган уч ўзбекистонлик — О.Ҳ., Б.Ҳ. ва Ш.С. (учаласи ҳам 2001 йилда туғилган) автоҳалокатга учради. ЙТҲ оқибатида О.Ҳ. ҳалок бўлган, Б.Ҳ. ва Ш.С. Львовдаги Топольная касалхонасига жойлаштирилган, уларнинг аҳволи, дори таъминоти назорат остида”,—дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси автоҳалокатга учраган йигитларнинг яқинларига мазкур вазият назорат остида экани ҳақида маълум қилган, шунингдек, автоҳалокат қурбони бўлган 1 нафар юртдошимизни Ўзбекистонга юборишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.