Ривоятга кўра, бир дарахтга одамлар ибодат қилишар, Аллоҳга ширк келтиришарди. Бир киши Аллоҳ учун ғазабнок бўлиб, кесиб ташлаш учун ўша дарахт олдига келди. Шу пайт шайтон инсон суратига кириб, унинг ёнида пайдо бўлди ва сўради:
— Нима қилмоқчисан?
— Аллоҳ қолиб, Унинг ўрнига ибодат этилаётган бу дарахтни кесиб ташламоқчиман, — жавоб берди бояги киши.
Шайтон айтди:
— Ўзинг дарахтга сиғинмасанг, бўлди-да, бошқалар ибодат қилишидан сенга зарар етмайди-ку!
Гаплари таъсир қилмаётганини кўрган шайтон энди авраш йўлига ўтди:
— Кел, сенга бундан яхшироқ ишни ўргатаман. Дарахтни кесмайсан, бунинг эвазига ҳар куни эрталаб ёстиғинг остидан икки динор топасан.
Одам ҳайрон бўлди:
— Менга у пулни ким беради?
— Мен бераман, — жавоб берди шайтон.
У кўнди ва дарахтни кесмай қайтиб кетди. Эртасига эрталаб ёстиғи тагидан ваъда қилинган икки динорни олди. Кейинги куни эса ҳеч нарса тополмади. Жаҳл билан ўрнидан туриб, дарахтни кесиш учун жўнади. Шу заҳоти шайтон ўз суратида унинг олдида пайдо бўлди: “Нима қилмоқчисан?” деб сўради. Одам ғазаб билан деди: “Бу дарахтни кесиб ташлайман!”
— Кесолмайсан, бунга кучинг етмайди, — деган гапни эшитиб бояги киши шайтонга ташланди. Лекин шайтон уни тезлик билан енгди. Елкасидан ерга босиб, ўзининг шайтон эканлиги хабарини берди ва шундай деди:
— Биринчи гал Аллоҳ учун ғазабланиб келгандинг. Ниятинг холис эди, сени тўсиб қолиш имконига эга эмасдим. Лекин икки динор билан алдадим ва ниятингдан воз кечдинг. Бу сафар ҳам дарахтни кесиш учун чиқдинг, лекин топилмаган икки динор аччиғи билан бу ишга жазм қилдинг. Мана энди сенга мен ҳукмронман.