Яна бир давлат Алишер Усмоновга нисбатан санкция қўллади

Япония Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Беларуснинг санкциялар қўлланилаётган юридик ва жисмоний шахслари рўйхати кенгайтирилганини маълум қилди.

Аввалроқ эълон қилинган рўйхатга қўшимча равишда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, Президент маъмурияти раҳбари ўринбосарлари Дмитрий Козак ва Сергей Кириенко, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров, россиялик тадбиркорлар Алишер Усмонов, Геннадий Тимченко, Аркадий ва Борис Ротенберглар Япония санкцияларига тушиб қолган.

Шунингдек, Япония санкциялари нефтни қайта ишлаш ускуналарини Россия Федерациясига экспорт қилишни тақиқлашни назарда тутади.

Бундан ташқари Россиядан нефть, газ ва кўмир импортини тақиқлаш билан биргаликда, АҚШ РФ ёқилғи-энергетика мажмуаларига янги инвестициялар киритишни ҳам расман тақиқлайди, дея маълум қилди РИА Новости Оқ уй матбуот хизматига таяниб.

Шунингдек, Буюк Британия 2022 йил охирига келиб Россия нефти ва нефть маҳсулотлари импортини тугатишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг бизнес, энергетика ва саноат вазири Кваси Квартенг маълум қилди.

Буюк Британиянинг British Petroleum ва Британия-Нидерландиянинг Shell нефть-газ корпорациялари Россиядан нефть ва газ сотиб олиш бўйича шартномаларини бекор қилишини билдирди.Жумладан, Shell илк қадам сифатида барча спот нефть харидларини тўхтатишини маълум қилди.

Шахруза Сатторова тайёрлади