Кредит маблағлари эвазига криптавалюта сотиб олган фуқаролар аниқланди.Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаролар М.Н., М.Ш. ва М.Х.лар тумандаги тижорат банкидан ўзи ва танишлари номига 783,6 млн сўм кредит ажратишга эришиб, кредит маблағини талон-торож қилганлиги, шунингдек, ушбу маблағ эвазига “B.” номли биржа иловаси орқали 36 000 АҚШ долларини “криптовалюта савдоси”га тикканлиги ҳамда “SPARK” ва “GENTRA” русумли автомашиналарни сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган мулкни легаллаштирганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.