“Ошиқ талаба” юзасидан расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда талаба йигит севги изҳори қилиши ортидан калтак егани акс этган видео тарқалди.

Мазкур ҳодат юзасидан университет матбуот хизмати тушунтириш билан чиқди.

«Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Амалий филология факултети талабалари томонидан 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида севги изҳори қилиб, калтак еган талаба ҳолати акс этган видеолавҳалар бир нечта телеграм каналларида айланмоқда.

Шуни маълум қиламизки, ушбу ҳолат факултет ҚВЗ жамоасининг «Хафа бўлиш йўқ» кўрсатувига тақлидан намойиш этилган саҳна кўринишидан кесиб олинган ҳолатдир. Ҳеч қандай нохуш вазият юз бермаганини маълум қиламиз», – дейилади муносабатда.

Видеода Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкилланган тадбир вақтида талаба йигитлардан бири саҳнага чиққан ҳолда томошабинлар орасида ўтирган талаба қизга севги изҳори қила бошлайди.

Тадбирда қатнашаётган ўқитувчилар йигитнинг қўлидан микрофонни тортиб олишга ҳаракат қила бошлайди. Улардан бири ҳатто йигитга қаттиқ шапалоқ тортиб юборади. Шундан сўнг «ошиқ талаба» ва шапалоқ тортувчи ўртасида тортишув, тадбир иштирокчилари ўртасида эса қий-чув бошланган.
Видео сўнгида «ошиқ йигит» ўқитувчилар томонидан судралган ҳолда олиб чиқиб кетилади.