«Cotton Campaign» халқаро коалицияси 10 март куни ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни бекор қилди. Бу ҳақда Ogoh.uz мухбири маълум қилди.
Бу эълон коалициянинг етакчи ҳамкори бўлган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми» томонидан 2021 йилда пахта теримида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларига асосан қабул қилинган. Ҳисоботда ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани эълон қилинган.
«Cotton Campaign» инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, масъул инвесторлар ва бизнес ташкилотларининг глобал коалицияси бўлиб, ислоҳотларнинг ўзбек ишчилари, фермерлари ва фуқаролик жамиятига фойда келтиришини давом эттириш мақсадида масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликка ундайди.
«Тизимли, давлат томонидан ташкиллаштирилган мажбурий меҳнатга барҳам беришдаги бу ютуққа пахтачилик соҳасидаги инсон ҳуқуқлари бузилишини аниқлашда жасорат кўрсатган ўзбекистонлик меҳнат ва ҳуқуқ ҳимоячилари сабаб бўлди. Уларнинг йиллар давомида қўрқмасдан кузатувлар ўтказгани ва ҳисоботлар тақдим этгани бутун дунёни ўзбекистонлик ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чора кўришга ундади», — дейди «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми» директори Умида Ниёзова.
Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларининг 2009 йилдаги ўзбек пахтасини бойкот қилишга чақирган петициясига жавобан компаниялар шахсий мажбуриятларни қабул қила бошлаган ва «Cotton Campaign» «Ўзбек пахтасига бойкот» эълон қилган. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart каби дунёнинг кўплаб йирик брендлари ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган.
«Сўнгги 12 йил давомида юзлаб компанияларни ўзбек пахтасидан воз кечишга ундаганимиздан сўнг биз Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини бекор қилиш вақти келганини эълон қилишдан мамнунмиз. Энди компаниялар ўзлари меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишини баҳолашлари ва Ўзбекистондан пахта сотиб олиш бўйича қарор қабул қилишлари керак»», — деди «Responsible Sourcing Network» бош директори ва «Cotton Campaign» асосчиларидан бири Патрисия Юревич.
«Ўзбек форуми» ҳисоботида пахта терими тизимли мажбурий меҳнатсиз ўтказилгани аниқланган бўлса-да, кузатувчилар маҳаллий ҳокимият томонидан мажбурлаш ва аралашиш ҳолатлари, шунингдек, айрим мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаган. Бундан ташқари, далаларда мониторинг қилиш ва салоҳиятни ошириш билан шуғулланадиган мустақил гуруҳларда рўйхатдан ўтиш, эркин фаолият юритиш имконияти бўлмаганлиги ривожланишга тўсиқ бўлмоқда.
Ўзбекистонда аввал уюшмалар эркинлигини ва бутун дунё бўйлаб кийим ишлаб чиқарувчи мамлакатларда меҳнат стандартлари бузилишига олиб келган таъминот занжири амалиётини чекловчи сиёсат юритилганини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати ва брендлар нафақат мажбурий меҳнатга чек қўйишни таъминлаш, балки ривожланиш жараёнида ишчилар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш учун кейинги қадамларни қўйиши кераклиги айтилган. Ўзбекистон янги замонавий жиҳозлар билан таъминланган корхоналар орқали маҳсулот ишлаб чиқариш занжирида шаффофлик ва кузатувни таклиф қилувчи пахта-тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш учун жозибадор мамлакатга айланиш салоҳиятига эгалиги қайд этилган.
«Бугун биз учун тантанали кун, аммо бизнинг адолатли ва инсонпарвар саноатни ривожлантиришга ёрдам беришга қаратилган фаолиятимиз давом этмоқда. Биз етказиб берувчилар ва брендлар билан биргаликда меҳнат амалиёти бўйича ҳақиқий шаффофликка эга бўлган, ишчилар ҳуқуқларига сармоя киритиш ва юқори меҳнат стандартларини сақлаб қолиш мумкин бўлган янги турдаги таъминот занжирини яратиш имкониятига эгамиз.
Брендлар ишлаб чиқарувчиларни энг паст нархлар учун рақобатлашишга мажбурлаш ва ўз навбатида меҳнат стандартларини пасайтириш ўрнига етказиб берувчилар ва меҳнат ташкилотлари билан таъминот занжирнинг барча даражаларида муносиб меҳнатни таъминлаш учун адолатли сотиб олиш амалиётига асосланган масъулиятли бизнес моделини ишлаб чиқишлари керак», — деди «Cotton Campaign» бошқарув қўмитаси аъзоси ва «GLJ-ILRF мажбурий меҳнат дастури» директори Эллисон Гилл.
«Cotton Campaign» Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олишда манфаатдор бўлган барча брендларни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида, жумладан, пахта фермалари, тўқимачилик фабрикалари ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш учун синчковлик билан текширишга чақиради. Шу билан бирга, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мониторинг қилиш, шикоятлар йўллаш ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун ишончли ва мустақил механизмлар мавжудлигини таъминлаш зарур ҳисобланади.
«Биз Президент Мирзиёевнинг давлат томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган тарихий ислоҳотлар ташаббуси ва амалга оширишдаги раҳбариятини юқори баҳолаймиз.
Энди биз Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очишга ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган масъулиятли масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишга чақирамиз», — деди «Cotton Campaign» асосчиларидан бири, АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчиси собиқ ўринбосари Беннет Фриман.