Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси жорий йил 1-март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия телеканаллари эфирини тақиқлашни сўраб нота юборган. Бу ҳақда “Озодлик” радиосининг Украина Элчиси Микола Дорошенко билан қилган интервюсида маълум қилинди.
Журналистнинг Ўзбекистон ТИВга жўнатилган нота мазмуни ҳақидаги саволига Микола Дорошенко элчихона ростан ҳам нота йўллаганини айтиб, бу қандай ҳолатлар билан боғлиқ эканига тўхталган.
“Бугун Украина Европа иккинчи Жаҳон уруши давридан бери кўрмаган агрессияга дуч келганини кўриб турибсиз ва Европа бу агрессиянинг даражасини англамоқда.
Украина Россия ҳарбий машинасининг арсенали зарбаларига ўзини тутиб, нафақат ўзининг, балки бутун қитъанинг хавфсизлигини ҳимоя қилмоқда. Биз нега нота юбордик? Биз Путин (РФ президенти, -таҳр.) ва унинг жиноий буйруқларининг барча ижрочиларини Нюрнберг трибунали кутиши ҳақида гапиряпмиз. Биз бу маълумотларни нафақат Украина ёки Европа мамлакатларида, балки Ўзбекистонда ҳам билишларини хоҳлаймиз. Бироқ, таассуфки, Россия телеканаллари умуман бошқа урушни ёки эҳтимол, бу урушнинг аслида йўқлигини намойиш этмоқда. Шунинг учун ҳам биз нотани тайёрлашга мажбур бўлдик, мен уни имзоладим, биз 1-мартдаёқ уни юборгандик”, – дейди Микола Дорошенко.
Элчи, шунингдек, нотанинг қисқача мазмуни ҳақида маълум қилди.
Унга кўра, нотада Россия ОАВси томонидан олиб борилаётган ахборот кампанияси харбий кампаниянинг бир қисми экани, шунингдек, у дунё жамоатчилигини ёлғон маълумотлар билан алдашга қаратилгани айтилади. Элчининг таъкидлашича, шу сабаб ҳам бугунги кунда кўплаб мамлакатларда Россиянинг пропаганда телеканаллари трансляцияси тақиқлаб қўйилган.
Шунингдек, Россия ОАВлари “Россия Федерациясининг Украинага қарши урушини тарғиб қилиш, аллақачон минглаб бегуноҳ фуқаролар жабрланган ва фуқаролик инфратузилмасига улкан миқёсда зарар етказган кенг кўламли Россия қуролли тажовузига қарши курашаётган украин халқига нисбатан миллий нафратни қўзғашга қаратилган мақсадли фаолиятни амалга оширмоқда”.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Украина томони Ўзбекистон ҳукумати ва ваколатли идоралардан Россия телеканаллари трансляциясини ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилишни сўради”, – дейди Микола Дорошенко.
Элчи Микола Дорошенко “Озодлик” радиосига берган интервюсида, шунингдек, Украинага 28 тонналик гуманитар ёрдамни юборгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.