Энди маълум иш стажига эга аёллар тавсиянома асосида ОТМларга қабул қилинади

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга аёллар тавсиянома асосида ОТМга қабул қилинади.

Ушбу тартиб “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни яна-да жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгилаб қўйилмоқда.  

Унга кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ДТМга бир ой муддатда ушбу назарда тутилган алоҳида квоталарни давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш, хотин-қизларга тавсиялар бериш, алоҳида тест синовларини ўтказиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.