Тафаккур вақти: Авлиёнинг дуоси



Бир куни авлиёлардан Маъруф Карҳий Дажла дарёси бўйида суҳбат қуриб ўтиришарди. Шу пайтда уларнинг олдиларидан кемада бир гуруҳ ёшлар ароқ ичиб, қўшиқ айтиб айш-ишратга берилган ҳолда ўтишди.

Буни кўрган шогирдлар устозларига:

— Устоз, шуларни бир баддуо қилинг. Зора бошқаларга буларнинг оқибати дарс бўлса, — дейишди.

Маъруф Карҳий қўлларини дуога очиб:

— Эй Роббий, шу бандаларингни бу дунёда масрур қилганинг каби у дунёда ҳам масрур қил, — дедилар.

Бу дуодан ҳайратга тушган шогирдлар:

— Устоз, ахир нега уларни баддуо қилинг десак, сиз дуойи хайр қиляпсиз? — дедилар.

Маъруф Карҳий эса шундай жавоб бердилар:

— Уларнинг ҳалок бўлишидан кимга қандай фойда бор. Лекин Роббим уларга боқий дунёда ҳам масрурликни насиб этса, улар тавба қиладилар ва мусулмонлар сафи кенгаяди. Бундан кимга қандай зарар бор, — деган эканлар.

Дарҳақиқат, шогирдлари бир неча соатдан сўнг кемадагилар тавба қилган ва истиғфор айтган ҳолларида ортларига қайтаётганига гувоҳ бўлишибди.