Ўзбекистон давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди

20 млн долларлик хорижий валютадаги давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди. Молия вазирлиги ушбу операцияни тарихий деб атади.

ЕТТБ ва Ўзбекистон биринчи валюта своп келишувини амалга оширди. Бунинг натижасида, 20 млн долларлик хорижий валютадаги давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди. Бу ҳақда ЕТТБ Матбуот хизмати хабар берди.

Своп битимлари — молиявий рискларни бошқариш учун ишлатиладиган молиявий инструмент ҳисобланади. Валютавий своп битими своп турларидан бири бўлиб, турли валютадаги қарзларни валюта рискидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади.

«Ушбу тажриба битими яқинда ЕТТБ томонидан бошланган деривативлар ҳуқуқини ислоҳ қилиш бўйича техник ёрдам билан биргаликда Ўзбекистон Молия вазирлигининг деривативлар бозорини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва валюта рискини бошқаришнинг муҳимлигини таъкидлайди», — дейилади хабарда.

«Ушбу битим Ўзбекистонда маҳаллий валюта бозорини ривожлантиришдаги муҳим босқичдир. Бу валюта рискларини бошқаришни ҳам, мамлакат реал секторини миллий валютада кредитлашни ҳам осонлаштиради. Бу, айниқса, Марказий Осиё ва ундан ташқарида беқарорлик даврида жуда муҳим, — деди ЕТТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Алкис Дракинос.

Битимни амалга ошириш учун Молия вазирлиги Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (ISDA) бош келишуви бўйича халқаро юридик компаниянинг ижобий ҳуқуқий хулосасини олди.

«Своп битими бўйича энг яхши нарх таклиф қилган ЕТТБ билан ISDA бош келишуви имзоланди ва Осиё тараққиёт банкидан хорижий валютада жалб қилинган қарз маблағларининг 20 млн АҚШ доллари қисми бўйича своп операциясини амалга оширилди. Қисқа қилиб айтганда, ушбу илк синов своп операцияси орқали 20 млн доллардаги давлат қарзи миллий валютадаги қарзга ўгирилди», — дейилади Молия вазирлиги хабарида.