Самарқанд вилоятида суғориладиган ер майдонини 60 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси хабар берди.
Айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ДХХнинг Оқдарё тумани бўлинмаси билан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Р. “Б.т.” МЧЖ таъсисчиси Ф.Х. билан олдиндан тил бириктириб, МЧЖга Самарқанд шаҳри, “Қорасув” массивидан Хитой технологияси асосида иссиқхона қуриш учун ажратилган 0,5 гектар суғориладиган ер майдонидан белгиланган мақсадларда фойдаланмасдан, иссиқхона қурмасдан ер майдонини фуқаро А.га 60 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, – дейилади хабарда.