Жорий йилнинг 15 март куни Кастилия ва Леон ҳудудлари ҳукумати, “Овиген” Испания қўй ва эчкичилик ассоциациялари федерацияси вакилларидан иборат Испания ҳукумати делегацияси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов билан учрашди.
Расмий учрашувда испан делегациясидан “WES” консорциуми президенти Хосе Антониос Эстебан Виллегас, Кастилия ва Леон ҳукуматининг “Чорвачиликни назорат қилиш ва гигиена хизмати бошлиғи” Сантяго де Кастро Алфагуеме, Кастилия ва Леон минтақасида қўй ва эчкиларнинг наслчилик ва генетик такомиллаштириш марказининг ветеринария ва репродукция бўлими раҳбари Хосе Мануел Васкес Эрнандес, Испанияда чорвачилик тармоғининг давлат ва хусусий сектор вакилларининг қўй-эчкичиликни ривожлантириш масалалари маслаҳатчиси Хуан Алберто Санз Монео ҳамда халқаро бизнес лойиҳаларини режалаштириш, ишлаб чиқиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассис Дмитрий Илйинлар ҳамда “Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси” раиси Баҳром Шарипов, “Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси” раиси Эркин Ҳаитовлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Бўлажак ҳамкорларга мамлакатимизда қоракўлчилик соҳасидаги ижобий ўзгаришлар айнан давлат раҳбарининг шахсан қўллаб-қувватлови натижасида амалга оширилаётганлиги, ислоҳотларнинг қонуний асослари ва соҳа ривожи учун яратилган шарт-шароитлар тўлиқ тушунтирилди.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш Қўмитаси раиси Баҳром Шарипов: “Биз ўз олдимизга бажаришимиз лозим бўлган 4 та муҳим йўналишни белгилаб олганмиз. Булар: 1-йўналиш Яйловларни яхшилаш ва чорвачилик соҳасини мукаммал ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш, 2-йўналиш Бизнинг тасарруфимизда бўлган 17 млн гектар яйловларни деградациядан чиқариш, 3-йўналиш Президентимиз томонидан яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, тадбиркорларни жалб этган ҳолда, гўшт, сут, жун йўналишларида юқори самарадорликка эга бўлган қўй ва эчкилар генефондини ўз юртимизда шакллантириш ва охирги 4-йўналиш тармоқни саноатлашган соҳага айлантириш ҳамда ундан олинган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга сотишни йўлга қўйишдан иборат”. Ҳозирги кунда 2022 йил учун соҳага тегишли 478 та лойиҳа режаси тузилган бўлиб, у 182 млн долларни ташкил этади, биз хорижий ҳамкорларни сафимизга қўшилишларидан манфаатдормиз ва ҳамкорликка тайёрмиз”, деб таъкидлади.
Меҳмонлар Испанияда чорвачилик билан боғлиқ бўлган ноу-хаулар ҳамда ҳукумат томонидан яратилган имтиёзлар ҳақида кўргазмали тарзда батафсил маълумот беришди. Шунингдек, эчкичилик ва қўйчилик устувор йўналиш эканлиги, бу соҳа гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб берибгина қолмасдан, қишлоқ ёшларини шаҳарга кетмасдан ўз ҳудудларида фаровон турмуш кечиришларига асос бўлишини таъкидлашди.
Делегация аъзолари Қўмита биносидаги ипак ва жун маҳсулотлари шоурумини ҳам кўздан кечиришди. Хорижлик ҳамкорларнинг юртимиз бўйлаб сафари давом этади.