Тафаккур вақти: Энг яхши макон

Айрим халқларда “биз бўлмаган макон – яхши макон”, деган нақл бор. Бир киши энг яхши маконни излаб, роса дунё кезибди. Ахтара-ахтара узоқ-узоқдаги ўлкадан бир қишлоқни топибди. Унинг ҳамма нарсаси гўзал, табиатию таровати мутлақ бекаму кўст, одамлари жуда сертавозе экан.

У киши ҳангу манг бўлиб, қишлоқни хўп айланибди. Тасодифан қабристонга бориб қолибди. “Бозору мозори кўр” нақлига амал қилиб, қабристонни кўздан кечирибди. Шу пайт қабртошлардаги ёзувларга кўзи тушиб, қўрқинчли қонуниятни пайқаб қолибди: бу ерга дафн этилганларнинг ҳаммаси бир, икки, узоғи билан уч йил умр кўрган экан. Ҳар бир қабртошда унинг тагида ётган инсон ҳатто неча ой, кун, соат яшагани ҳам ёзилган эмиш.

Шунда у даҳшатга тушиб, қишлоқдан қочиб чиқибди. Чопаётиб, ваҳиманинг зўрлигидан олдидан ўтаётган мўйсафидни ҳам сезмай қолибди.

— Нега бунча ҳалаксан, бўтам?! Ўзингни бос, тинчликми? — дебди қария.
— Сизлар ваҳший экансизлар, болаларни қатл экансизлар, қабристонингизда ёши учдан ошиб кўмилган бирорта инсоннинг лавҳини кўрмадим, — дебди ҳалиги киши.

Қария нимтабассум билан кўкрагига осиғлиқ дафтарни кўрсатиб, бундай дебди:

— Бизда болалар вояга етганидан кейин уларнинг ҳар бирига шундай дафтар берилади. Улар ҳаётидаги ҳар бир бахтиёр он, лаҳза, дақиқа, соат, куну тунни шу дафтарга қайд қилиб боради. Вафот этганидан кейин ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг йиғиндиси ҳақиқий ҳаёт бўлади.

Жулқунбойнинг жаҳонгашта жияни