Қайси фаолият турлари рақамлаштирилиши маълум қилинди

Ҳукумат қарорига биноан Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом тасдиқланди

Низомга кўра, лицензия олиш талаб қилинадиган 28 та фаолият (жумладан, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктларини асраш, туризм фаолияти, Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ва бошқа фаолиятлар) “Лицензия” ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали лицензияланади.

Талабгор лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни “Лицензия” АТ ёки ЙИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида электрон шаклда юбориши мумкин бўлади.

Аризага киритилган маълумотлар “Лицензия” АТ орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.
Йиғим тўланганидан сўнг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар “Лицензия” АТ ёки ЙИДХП орқали автоматик тарзда лицензияловчи органга юборилади.

Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки уни рад этиш ҳақидаги қарорни «Лицензия АТ» орқали талабгорга юборади.

Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

лицензия берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ тақдим этилмаганлиги;
талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмаслиги;
талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асосланган салбий хулоса олинганлиги.
Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Мазкур қарор 2022 йил 1 мартдан эътиборан кучга кирди.