Уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 1,6 миллиард сўм талон-торож қилинган

Уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 37 та ҳолатда 1,6 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани ёки талон-торож қилингани аниқланган. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аҳолининг мурожаатларига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси томонидан Ўзбекистондаги қатор уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти ўрганилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Натижада 20 та уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 37 та ҳолатда 1,6 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани ёки талон-торож қилингани аниқланган. Шундан 8 та ҳолатда қурилиш-таъмирлаш ишлар ҳажмига 451,8 миллион сўм қўшиб ёзилган. Бундан ташқари:5 та ҳолатда 508,2 миллион сўм кредит маблағи мақсадсиз сарфланган ёки талон-торож қилинган;

16 та ҳолатда мулкдорлардан йиғилган 313,2 миллион сўм мажбурий бадал маблағи мақсадсиз ишлатилган ёки талон-тарож қилинган;

8 та ҳолатда 351,9 миллион сўмга тенг бошқа ҳуқуқбузарлик ва камчиликларга йўл қўйилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.