Ота ўғлини уйлантирмоқчи бўлиб, унинг кўнглига қўл солиб кўрди. Ўғил уялганидан ерга қараганча:
– Ота, бир шартим бор! Шунга хўп десангиз, уйланишга розиман, – деди.
– Хўш, қанақа шарт экан?
– Мени гузар ва бозорларга олиб чиқиб ураверасиз, сўраганларга: “Айтганимни қилади”, дейсиз. Мен эса муносиб келинни ўзим танлаб оламан. Ота келишилганидек, гузар, бозор ва бошқа жойларда ўғлига бақириб, урар, сўраганларга: “Айтганимни қилади”, деб жавоб берарди. Одамлар эса отанинг ишидан ҳайрон бўлиб: “Айтганингизни қилса, яхши-ку!” дейишарди. Ота яна бир куни ўғлини уриб турганида, бир қиз сўраб қолди:
– Ота, ўғлингизни нима учун ураяпсиз?
– Айтганимни қилади-да, қизим!
– Ўзи билиб қилгунича, ураверинг, – деди қиз.
Шунда ўғил:
– Ота! Мана шу қизга уйланаман, – деди.
Азизлар! Бировнинг кўрсатмаси билан иш қиладиган, ақлини ишлатиб, бирор нарса қилолмайдиган одам ҳаётда ҳеч нарсага эришолмайди. Шу боис ҳар бир раҳбар, хонадон соҳиби ва фарзандлар бировнинг айтишини кутмасдан ўз ақлини ишлатиб, иш юритадиган бўлса, бундай инсонларни халққа, ватанга катта ёрдами тегади. Шунинг учун ўзингиз ишингизни билиб қилишни ўрганинг.