Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 21 яшар қиз калтаклангани ҳақида хабар тарқалди. Маълумотларга кўра, Зўровон йигит сенаторнинг яқин қариндоши.
Кеча, 21 март куни Самарқанд шаҳрида У.Т. исмли 21 яшар қиз Бағдод кўчасидаги хонадони олдида таниши Х.И. исмли 21 яшар йигит томонидан калтакланди. Воқеа жойида йигитнинг таниши ҳам бўлганлиги ҳам айтилмоқда.
Олинган тан жароҳатлари натижасида қизнинг онаси қизининг шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар бериб, зўравон йигитга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам сўраган.
Онанинг таъкидича, зўравон йигит қизга уйланиш мақсадида бир неча йилдан бери ҳаракат қилиб келган, аммо йигитнинг тарбияси ва юриш-туриши сабаб бу иш амалга ошмаган.
Олиб борилган ўрганишлар жараёнида зўравон йигит Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг яқин қариндоши — жияни эканлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қизга нисбатан зўравонлик ва унга етказилган тан жароҳатлари юзасидан ички ишлар органларини объектив суриштирувлар олиб боришга чақирилган.