Украинадаги уруш дунёнинг турли мамлакатларида очарчиликка олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Италия парламенти депутатлари қаршисида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Зеленский очарчилик Украина ҳар доим энг йирик озиқ-овқат экспортчиларидан бири бўлгани сабабли содир бўлиши мумкинлигини тушунтирган.
“Қандай қилиб биз Россиянинг артиллерия ўқлари остида экишимиз мумкин?”, деган у.
Сиёсатчи италиялик парламентарийларни Россияга қарши Украинага ёрдам беришга чақирган. Унга кўра, Россия армияси Украина шаҳарларини вайрон қилиш ва тинч аҳолини йўқ қилишда давом этмоқда.
Украина раҳбари бу уруш оқибатлари тез орада бутун дунёда сезилишидан огоҳлантирган.
“Россия қўшинлари учун Украина у бостиришни хоҳлайдиган Европага кириш эшиги, аммо ваҳшийликка чек қўйиш керак”, дейди Зеленский.