Подшоҳ вазиридан сўради:
— Қандай қилиб бир хизматкор мендан кўра бахтли бўлиши мумкин? Уни ҳеч нимаси йўқ. Мен, ҳамма нарсаси бор подшоҳман. Лекин бахтли эмасман.
Вазир деди:
— Унда тўқсон тўққиз қоидани қўллаб кўринг. Бир ҳамёнга 99 динор солинг. Устига «юз динор» деб ёзиб қўйинг. Эшиги олдида қолдириб, нима бўлишини бир четда кузатиб туринг.
Подшоҳ вазирнинг айтганини қилди. Хизматкор ҳамённи олди. Қолган бир динор ташқарига тушиб қолган, деб ўйлади. Оиласи билан чиқиб ҳаммалари тонггача қидиришди. Бир динорни топа олмагани учун жуда ғазабланди. Ўша бир динор уларнинг тинч ҳаётини бузди.
Эртаси куни, кечаси билан ухламай чиққан хизматкор подшоҳнинг ҳузурига кайфиятсиз, паришон, хафа ҳолда борди. Шунда подшоҳ тўқсон тўққизнинг маъносини англади.
Биз Аллоҳнинг тўқсон тўққиз инъомини унутиб, бизда бўлмаган неъматини қидирамиз.
Аллоҳ уни пешонамизга ёзмаганининг ҳикмати бўлади. Неъмат берилмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳатто касал, мажруҳ инсонни ҳам Аллоҳ неъматлари билан қуршаб қўйган. У эса фақат мажруҳлигини кўради.
Ҳамма нарсаси бор, бадавлат инсоннинг ҳам кўзига бошқалардаги ўзида йўқ нарсалар кўринаверади.