Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортида бож миқдори олиб ташланиши мумкин.Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, тижорат банклари ва Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига Россия рублида пул ўтказмалари узлуксиз амалга ошириш таъминланган. Шунингдек, бу борадаги ишларни давом эттириш топширилди.
“Айрим тадбиркорлар эркин конвертация қилинадиган валютада кредитни қандай тўлаши ҳақида ташвишланаётган бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг август ойида президентимиз тадбиркорлар билан учрашувда ушбу кредитларни сўмда тўлаш имкониятини яратиш бўйича топшириқ берган эди. Бу механизмдан ҳар қандай тадбиркор фойдаланиши мумкин.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловларини нолга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Биз бу масала бўйича тегишли қарор киритамиз”, — деди Жамшид Қўчқоров.
Қайд этилишича, меҳнат муҳожирлари муаммоларини ҳал қилиш учун Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари вакилларидан иборат махсус штаб ташкил этилади.
“Экспортёрларни қўллаб-қувватлаш ва уларни револьвер кредит бериш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, Транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш, жумладан, Uzbekistan Airways фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларига шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш бўйича Солиқ қўмитасига кўрсатмалар берилди”, — деди бош вазир ўринбосари.