Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган муҳим маросим бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бўлажак стансиянинг қуввати ва самарадорлиги ҳақида сўзлади.
Германиянинг «Siemens Energy», Франсиянинг «EDF» ҳамда Нидерландиянинг «Stone Sity Energy» компаниялари билан ҳамкорликда барпо этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади ва йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб йилига 1 миллиард куб метр газ тежалади.
Ушбу лойиҳа амалга ошгач Сурхондарё вилоятининг 500 минг хонадони элект энергияси билан тўлиқ таминланади. Бундан ташқари қўшни Афғонистон давлатига ҳам камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергияси экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Ушбу ИЕС Сурхондарёдаги биринчи, сўнги йилларда барпо этилаётган станциялар орасида энг йириги ҳисобланади.
«Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформасия қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг Мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр стансияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестисиялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди»,– дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек мамалакатда умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган 19 та электр станциялари қурилаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
Маросим сўнгида давлат раҳбари инвесторлар билан биргаликда рамзий тугмани босиб, ИЕС қурилишини бошлаб берди. Мазкур станция 2024 йилнинг охирида ишга туширилиши режалаштирилган.
Рўзматов Йўлдашбой