Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида мактаб ўқувчисининг Наврўз байрамида рақсга тушаётганда йиқилиб тушиб, ҳушдан кетгани, сўнгра вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур воқеа ҳақида қўшимча маълумот берди.
«Чандирдаги тез тиббий ёрдам шохобчасида соат 10:55 да бу ҳақидаги чақириқ қайд этилган. Тез тиббий ёрдам бригадаси соат 10:59 да, яъни тўрт дақиқада мактаб стадионига етиб борган (мактаб билан шохобча орасидаги масофа ўртача 300—400 метрни ташкил этади). Афсуски, бу вақтда бемор вафот этган. Тез тиббий ёрдам бригадаси ходимлари томонидан беморда биологик ўлим қайд этилган. Бригадаси келгунига қадар ўлим юз берганлиги сабабли бригада ходимлари томонидан марҳуманинг жасади тадбирда иштирок этаётган ички ишлар инспектори назоратида қолдирилган», — дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ видеода акс этган ҳолат 2022 йилнинг 19 март куни Миришкор туманидаги 33-ўрта мактабда содир бўлгани хабар берилганди. Наврўз байрамига бағишланган тадбирда саҳна кўринишида иштирок этаётган қиз бехосдан йиқилиб, ҳушини йўқотгани, сўнгра вафот этгани хабар берилганди.
Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизбек Яздурдиев ўқувчи қиз аввалдан эпилепсия касаллиги билан оғриганини, оиладаги уч нафар фарзанднинг иккинчиси эканини маълум қилганди.