Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга доир янги қонун ҳужжати муҳокамага қўйилди

Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида президент қарори муҳокамага қўйилди.

Электромобилларни республика ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва 2030 йилга бориб республикада сотилаётган автотранспорт воситаларининг камида 15 фоизини электромобиллар ташкил этишига эришиш мақсад қилинган.

Электромобиллар ва электробусларни (M1, М2, М3, N1, N2, N3 категориядаги, кейинги ўринларда – электромобиллар) харид қилиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан 2030 йил 31 апрелгача қадар:

қувватлантириш станциялари ҳамда уларнинг ҳар бири атрофида камида иккита электромобиль учун тўхташ жойи жойлашган ер участкалари ер солиғи тўлашдан озод этилади;

юридик шахсларнинг мижозларни жалб қилиш учун қувватлантириш станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлари, даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади. Бунда, ушбу чегириладиган харажатлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;

электромобилларни республика ҳудудига олиб киришда улар божхона божидан озод қилиниши маълумот учун қабул қилинсин ҳамда ишлаб чиқарилган санаси бир йилдан ошмаган электр двигателда ҳаракатланувчи автомототранспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш” (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар
2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғими тўлашдан озод этилади;

республика ҳудудига олиб кириладиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси технологик асбоб-ускуналари божхона божидан (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.